Судга бормоқчимисиз?

“Эртага суд. Нима қилишни билмай турибман.” Бу каби саволлар судга иши тушган деярли ҳаммада учраб туради. Кўпчилик судда нима дейиш, ўзини қандай тутиш ҳақида аниқ бир тасаввурга ҳам эга эмас. Бугун шулар ҳақида тўхталамиз:

▪️Судга боришдан бир кун аввал барча керакли тайёргарликни кўриб қўйинг. Талабга асос бўлган ҳужжатлар ва бошқа далиллар ва гапирмоқчи бўлган гапларингизни албатта бир кўздан кечириб чиқинг.

▪️Суд бўладиган кунга бошқа ишларни режалаштирманг. Бизда судлар муддатида бошланмаслик хусусиятига эга. Баъзан эрталабга тайинланган суд пешинда бошланиши ҳам мумкин. Кутаверасиз. Кетиб қололмайсиз.

▪️Судялар мажлис залига кириб келганида ва ундан чиқиб кетаётганида залда ҳозир бўлганларнинг барчаси ўрнидан туради.

▪️Ўн олти ёшга тўлмаган фуқаролар, агар улар ишда иштирок этувчи шахслар ёки гувоҳлар бўлмаса, суд мажлиси залига қўйилмайди.

▪️Суд жараёни иштирокчилари судга “Ҳурматли суд!” деган сўзлар билан мурожаат қилади. Улар судга ўз тушунтиришлари ва кўрсатувларини, саволларга жавобларини тик туриб беради.

▪️Ишда иштирок этувчи шахслар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, шунингдек суд мажлиси залида ҳозир бўлган барча фуқаролар суд мажлисида белгиланган тартибга риоя этиши ва раислик қилувчининг фармойишларига сўзсиз бўйсуниши шарт.

▪️Алоҳида хонада (маслаҳатхонада) қабул қилинган суд ҳужжатини суд мажлиси залида ҳозир бўлганларнинг барчаси тик туриб эшитади.

▪️Агар суд сизни берадиган кўрсатмангиз ҳақида огоҳлантирса, яъни ёлғон кўрсатма ёхуд гувоҳлик бериш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантириб, ёзма тилхат олса, ҳушёр бўлинг. Ҳар бир айтаётган сўзингиз фақат рост ва ҳақиқат бўлиши лозим.

▪️Судга билдираётган ҳар бир талабингиз далил билан исботланиши лозим. Қуруқ гап ўтмайди. Далилингиз борми уни албатта судга тақдим этинг.

▪️Судда гапираётган ҳар бир гапингизни ўйлаб гапиринг. Гапингиз бир-бирига тўғри келмай қолса, суд шубҳаланиши ва саволларга кўмиб ташлаши мумкин. Бу эса сизни фойдангизга қарор чиқишини қийинлаштиради.

▪️Қарши тараф адвокатга эга бўлса, имконингиз бўлса сиз ҳам адвокат олинг. Агар имконингиз бўлмаса, судга албатта тайёрланиб, керакли қонун ҳужжатларини ўрганиб боринг.

▪️Судда жаҳлингизни тия билинг. Суд залида тартибсизликка йўл қўйсангиз, суд сизни жаримага тортиши ҳам мумкин. Ҳақоратли сўзлар ишлатмай, аниқ ва лўнда гапиринг. Ортиқча гаплардан тийилинг. Фақат керакли сўзланг. Гапни чўзманг. Асосиз гапирманг.

 

Манба 

(Visited 5 times, 1 visits today)
Понравилось? Пожалуйста поделитесь с друзьями.
[:ru] Комментарий [:uz] Fikr bildirish [:en]Add comment [:tj] Comment [:]

Matn nusxasini olish taqiqlanadi! @sadikovnasim